Носир Фозилов (1929-2018)

DO`STLARGA ULASHING:

Ёзувчи Носир Фозилов адабиётимизнинг қутлуғ даргоҳига 50-йилларнинг иккинчи ярмиларида кириб келган бўлиб, ҳозиргача жами етмишдан ортиқ китоб чоп эттирди. Булар орасида ўттизга яқин оригинал асарлар бўлиб, қолганлари таржима китоблардир. У 1929 йил 10 июнда Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига қарашли Туркистон туманининг Қориз қишлоғида таваллуд топди.

Унинг ота ва оналари деҳқончилик билан шуғулланган бўлсалар ҳам буваси Турсунмуҳаммад Аълам Ғурбатий тахаллуси билан шеърлар ёзган. Камий, Хислат, Сидқий Хондайлиқий билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлиб, Тошкентда унинг учта шеърий китоби чоп этилган.

Н. Фозиловнинг болалиги уруш даврига тўғри келганлиги туфайли ҳам ўқиб, ҳам меҳнат қилган. Шу туфайли у ўз тенгдошларидан анча кеч, яъни, 1949 йилда ўрта мактабни тугатади. Сўнг Тошкентга келиб, Дорилфунунга ўқишга киради ва уни 1954 йилда тугатади. Шундан сўнг «Гулхан», «Шарқ юлдузи» каби журналларда ва «Ёш гвардия», Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида турли лавозимларда ишлайди.

Адибнинг биринчи ҳикояси «Ленин учқуни» газетасида 1953 йилда босилган бўлса, унинг биринчи китоби 1959 йилда «Ирмоқ» номи билан чоп қилинади. Сўнгра «Оқим» (1962), «Робинзонлар» (1964), «Қуш қаноти билан» (1965), «Қорхат» (1968), «Кўклам қиёслари» (1970), «Дийдор», (1979), «Танланган асарлар» 2 жилдлик (1983—84), «Болалигим—пошшолигим» (1989), «Бир отар тўппонча» (1995) каби ўнлаб китоблари нашрдан чиқади.

Носир Фозилов таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилган. У Абай, Мухтор Авезов, Собир Муқонов, Ғабит Мусрепов, Ғабиден Мустафин, Абдулла Тожибоев, Абдижалил Нурпеисов каби кўплаб қозоқ адиблари асарларини ўзбекчага ағдариб, нашр эттирди. Шунингдек, қирғиз, қорақалпоқ ва ўзга тиллардан ҳам кўплаб сара асарларни ўзбекчалаштирди. Унинг ана шу ижод соҳасидаги самарали меҳнати зое кетмади. 1985 йилда унга «Шум боланинг набиралари» китоби учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ғ. Ғулом номидаги, 1986 йилда эса қозоқ адабиётидан қилган таржималари учун Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Байимбет Майлин номидаги, «Устозлар даврасида» асари учун эса Ҳамза номидаги Давлат мукофоти берилди. 1990 йилда у «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвонига сазовор бўлди. Эл-юрт хурмати» ордени билан мукофотланган (1999).

Н. Фозиловнинг кўплаб асарлари ўзга тилларга ҳам таржима бўлиб, нашр этилмоқда. У 1994 йили ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари борасидаги катта хизматлари учун Қозоғистон Президенти таъсис этган «Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун» халқаро мукофотга сазовор бўлган.

Носир Фозилов 2017 йил 13 январь куни Тошкент шаҳрида вафот этди.

Оставьте комментарий