Уйғун (1905-1990)

DO`STLARGA ULASHING:

Раҳматулла Отақўзи ўғли Уйғун 1905 йил 14 майда Қозоғистон жумҳурияти Жамбул вилоятининг Марки қишлоғида хизматчи оиласида дунёга келди. У қишлоғидаги мактабни тугатгач, Тошкент педагогика техникумида ўқиди. 1925 йилдан бошлаб Тошкент қишлоқ хўжалик техникумида ўзбек тили ва адабиётидан дарс берди. Уйғун 1927 йили Самарқанддаги Педагогика академиясига ўқишга кириб, Миртемир, Ҳамид Олимжон, Амин Умарий, Ҳасан Пўлатлар билан танишди.

Уйғун ёшлигидан шеърлар ёзиб, вақтли матбуотда фаол иштирок эта бошлади. 1929 йили шоирнинг «Баҳор қувончлари» номли биринчи шеърлар тўплами чоп этилди. 30-йилларда шоирнинг «Иккинчи китоб», «Қуёш ўлкаси», «Шеърлар», «Муҳаббат» каби янги шеърий тўпламлари ва бир қатор ҳикоя ва достонлари босилиб чиқди.

Уйғун шеъриятининг мавзу ва жанр доираси анча кенг. Баҳор, муҳаббат, она-Ватан, тинчлик, дўстлик мавзулари шеърий тўпламининг марказида туради. Унинг дастлабки шеърий тўпламининг «Баҳор қувончлари» деб юритилиши ҳам бежиз эмас. Ёки «Ватан—она сўзи нақадар азиз» деб бошланувчи «Ватан» номли шеъри ўзбек шеъриятидаги она-Ватан ҳақидаги энг яхши асарлар сирасига киради.

Шоирнинг хусусан, 60-йиллардан кейин яратилган кўпчилик шеърларида кўпроқ умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ардоқлаш етакчилик қилади. Бу жиҳатдан «Хиросима такрорланмасин», «Ҳимолай», «Чодир ёпинган аёл», «Шаҳрингга йўл олдим», «Ҳинд раққосасига» каби ўнлаб шеърлари эътиборга лойикдир.

Уйғун шеърияти жанрига кўра ҳам бой. Унда муҳаббат лирикаси, сиёсий лирика, баллада, қўшиқ, латифаларгача мавжуд. Шунингдек, у «Украина еллари», «Жонтемир», «Гуласал» каби ўндан ортиқ поэма ва балладалар ҳам яратган.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимизнинг фашизмга қарши курашдаги юксак ватанпарварлик фазилатларини юракдан куйлаган шоир шеърияти янги тараққиёт босқичига кўтарилди. Уйғун бу даврда «Она» (1942), «Алишер Навоий» (1943, Иззат Султон билан ҳамкорликда) «Қалтис ҳазил» (1944) каби саҳна асарларини ҳам яратди.

Уйғуннинг урушдан кейинги йиллардаги ижодида уруш ва тинчлик, фидокорона меҳнат мавзулари етакчилик қилди. Шоир шу даврда «Ҳаёт чорлайди» (1954) шеърий тўпламини эълон қилди. «Ҳаёт қўшиғи» (1947), «Олтинкўл», «Навбаҳор» (1948), «Сўнгги пушаймон» (1955) сингари драматик асарларини ёзди. Унинг кейинги йилларда ижод қилган «Парвона» (1956), «Абу Райҳон Беруний» (1973), «Ибн Сино», «Зебунисо» каби саҳна асарлари ўзбек драматургиясининг яхши намуналари сифатида эътироф этилди.

Шоир ва драматург Уйғун жамоат арбоби сифатида 1952—1954 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлиб ишлади. У ўзбек адабиёти тараққиёти йўлидаги хизматлари учун 1956 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, 1965 йили эса Ўзбекистон халқ шоири фахрий унвонларига, шунингдек, Ҳамза номидаги республика Давлат мукофотига сазовор бўлди.

Уйғун 1974 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясига мухбир аъзо қилиб сайланган. У Меҳнат Қаҳрамони ҳамдир.

У А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, А. П. Чехов, Л. Н. Толстой, В. Шекспир асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Уйғун 1990 йилнинг февраль ойида 85 ёшида оламдан ўтган.

Оставьте комментарий