Юсуф Сарёмий (1840-1912)

DO`STLARGA ULASHING:

Юсуф Сарёмий (тахаллуси; асл номи Юсуф мулла Абдушукур ўғли) [1840, Чимкент вилояти Сарём (Сайрам) қишлоғи — 1912] — шоир. Тошкент, Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Самарқанд, Тошкент, Қўқон адабий ҳаракатчилигида фаол қатнашган. «Беклар беги» мадрасасида ўқиган ва унга атаб шеърлар ёзган («Дар таърифи манзари мадрасаи Бек аз Юсуф»). Юсуф Сарёмий хаттотлик — котиблик билан кун кўрган, косибчилик, муҳрдорлик билан ҳам шуғулланган.

Шоир шеърлари ҳаётлигида «Баёз» (1893), «Армуғони Хислат» (1911), «Баёзи Муҳалло» (1912), «Баёзи Ҳазиний» (1912) каби баёзларда босилган. 1914 йил Тавалло Юсуф Сарёмий шеърларини тўплаб, «Девони Мавлавии Юсуф Сарёмий» номи билан нашр этган. Унинг тошбосма нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти (инв. №117, 118, 119, 120, 6028, 9072) ва Андижон адабиёт ва санъат музейи (инв. №1720, 2185, 728, 799) да сақланади. Китобга Расулмуҳаммад Шоший ўғли Мулла Ўтаб хаттотлик қилган.

Сайрам тарихи ҳақидаги хилма-хил маъумотларга бой, бироқ анъанавий диний мазмунда битилган «Рисола»ни Юсуф Сарёмийга нисбат берадилар. Халқ орасида шоирнинг ғоят ҳозиржавоб, ноҳақликка муросасиз эканлигини тасдиқ этувчи кўплаб ривоятлар, афсоналар юради. Кўплаб ғазаллари («Яли-яли» каби) ҳозир ҳам эл орасида машҳур. Юсуф Сарёмий номида кўча ва мактаб бор.

Бегали Қосимов

Оставьте комментарий