Юсуф Шомансур (1936-1978)

DO`STLARGA ULASHING:

Истеъдодли шоир ва носир Юсуф Шомансур 1936 йилда Тошкентда туғилган. Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтини тамомлаган (1960). Москвадаги Олий адабиёт курсларида ўқиган (1965-1967).

Биринчи шеърий тўплами 1957 йилда «Горн садолари» номи билан чоп этилган. Унинг «Меҳрингга тўймайман» (1962), «Ойдан келган болалар» (1964), «Шеър дардида» (1965), «Акром ва макарон» (1966), «Қалам ва умр» (1968), «Юрагим» (1970), «Табассум» (1971), «Ҳолва» (1972), «Қизиқ-қизиқ» (1975), «Достонлар» (1977) каби бир қатор шеър, достон ва эртаклардан ташкил топган китоблари босилиб чиққан.

Буларнинг айримлари болаларга бағишланган бўлиб, уларда беғубор ва покиза ёшлар олами тасвир доирасига тортилади. Шоирнинг катталарга бағишланган кўпчилик шеърларида бўлса халқимизнинг заҳматли меҳнати, бунёдкорлик ишларидан нақл юритилади, меҳнат азобидан қадди дол бўлган кишиларга ҳамдардлик билдирилади, кўп ҳолларда севишган-севилганлар бахтию, фожеаси қаламга олинади, гоҳо эса табиат шайдосига ҳам айланади. Унинг вафотидан кейин нашр этилган «Кулгига не етсин» (1979),«Қўш юрак» (1981), «Мен ўтқазмаган дарахт» (1986), «Қўзивой» (1987) каби тўпламларини бу жиҳатдан эътиборли, деса бўлади.

Юсуф Шомансур етук шоир бўлиши билан бирга, романнавис сифатида ҳам қалам тебратган. У «Қора марварид» романида нефть ёқилғиси бунёдкорларининг фидойи меҳнати ва заҳмати ҳақидаги анча жиддий мушоҳадаларини баён қилган.

Юсуф Шомансур умрининг сўнгги йилларида драматург сифатида ҳам қалам тебрата бошлаган. Бу борадаги биринчи машқи «Ёр қайрилиб боқмади» комедияси бўлди. Унда босар-тусарини билмаган, кибр-ҳавога берилган айрим ёшларнинг ахлоқий қиёфаси устидан кулиш устуворлик қилади.

Юсуф Шомансур адабиётшунос сифатида ҳам ўнлаб илмий-танқидий мақолалар ёзиб эълон қилган. Бадиий ижод билан илмий фаолиятнинг муштарак нуқталарига бағишланган номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

У 1978 йилнинг 8 декабрида вафот этган.

Оставьте комментарий

ArabicChinese (Traditional)EnglishFrenchGermanHindiKazakhKyrgyzRussianSpanishTajikTurkishUkrainianUzbek