Миртемир (1910-1978)

DO`STLARGA ULASHING:

Ўзбекистон халқ шоири Миртемир 1910 йил 30 майда Қозоғистон республикасига қарашли Туркистон шаҳрининг Иқон қишлоғида туғилди. У эски мактабни битиргач, 1921 —1923 йилларда Тошкентдаги «Алмаий» номли болалар намуна мактабида тарбияланади. Сўнг 1925 йили ўзбек Эрлар билим юртига ўқишга кириб, уни 1929 йилда тамомлайди ва шу йили Ўзбекистон Давлат Педагогика академиясига ўқишга киради. Айни вақтда у Ўзбекистон Марказий Ижроия Қўмитасининг раиси Йўлдош Охунбобоевнинг шахсий котиби бўлиб ишлайди.

Миртемир 30-йилларнинг бошларида номаълум сабабларга кўра қатағон этилиб, «Москва — Волга» канали қурилишига юборилади. Аммо кўп ўтмай, озод этилиб, оз муддат турли ўқув юртларида дарс беради, муҳарририятларда адабий ходим, театрларда адабий эмакдош, Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи, нашриётларда муҳаррир бўлиб ишлайди.

Унинг биринчи шеъри 1926 йилда «Танбурим овози» номи билан «Ёш ленинчи» рўзномасида босилган. Шоирнинг «Шуълалар қўйнида» номли биринчи китоби эса 1928 йилда чоп этилган. Унда Ватан мадҳи, меҳнат гашти ва ёш замондошларнинг маънавий дунёси тараннум қилинган.

Шоир халқ ижодидан илҳомланиб, «Аждар», «Дилкушо», «Сув қизи», «Ойсанамнинг тўйида» каби достонларини яратди. Бу асарлар 30-йилларнинг иккинчи ярмидаги ўзбек шеъриятининг ривожланишига муҳим ҳисса бўлиб қўшилган.

Унинг уруш йилларида яратилган «Вабо», «Ўч», «Бу — менинг Ватаним», «Она шаҳар», «Денгиз бўйида», «Мард йигит, ёринг бўлай», «Пилла», «Кўзларим йўлингда» каби шеърларида душманга нафрат ҳислари жанговар руҳда ифодаланган.

Урушдан кейинги йиллар Миртемир ижодида замон билан ҳамнафаслик, даврнинг энг муҳим масалаларини, замондошларимизнинг баркамол образларини яратиш тамойили кенг ўрин тутади.

Миртемирнинг таржимонлик санъати ҳам таҳсинга лойиқдир. У А. С. Пушкин шеърларини, Н. А. Некрасовнинг «Русияда ким яхши яшайди», Ш. Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон», Абай, Махтумқули ва Бердақ асарларини хамда қирғиз халқ эпоси «Манас»ни таржима қилган.

Миртемирнинг «Қорақалпоқ дафтари» шеърлар туркуми ўзбек шеъриятининг 60-йиллардаги ютуқларидандир. Шоирнинг «Сурат» достони ўзбек достончилигининг энг нодир намуналаридан биридир. Шоирнинг «Мен сени…», «Чағалай», «Қирғизистон», «Махтумқули тўйида», «Онагинам», «Қозоғим», «Қайдадир булоқ» каби шеърлари халқлар дўстлигини куйловчи энг яхши асарлардандир.

1979 йилда унга «Тоғдай таянчим» шеърий тўплами учун Ҳамза номидаги Давлат мукофоти берилган. Шунингдек у Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти (1977) лауреати, «Буюк xизматлари учун» ордени соҳиби (2002).

Миртемир 1978 йил 25 январда Тошкентда вафот этган.

16 комментариев к “Миртемир (1910-1978)”

Оставьте комментарий

ArabicChinese (Traditional)EnglishFrenchGermanHindiKazakhKyrgyzRussianSpanishTajikTurkishUkrainianUzbek