Ғаффор Ҳотамов (1953)

DO`STLARGA ULASHING:

Ғаффор Ҳотамов 1953 йилнинг 25 апрелида Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги Ғужбоғ қишлоғида туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг филология факультетини тугатган (1974). Республика болалар газетаси таҳририятида, «Тошкент оқшоми», «Совет Ўзбекистони» («Ўзбекистон овози») газеталари, «Ёшлик» журнали таҳририятида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, «Дўстлик байроғи» газетаси, «Ёшлик» журнали ҳамда «Туркистон» газетасининг бош муҳаррири лавозимида ишлаган.

Ғаффор Ҳотамовнинг дастлабки ҳикояси «Тонг ва шом» 1976 йили «Гулистон» журналида босилган. 1978 йили Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти адибнинг «Хат ташувчи бола» номли илк ҳикоялар тўпламини нашрдан чиқарди.

1980 йил Ғаффор Ҳотамовнинг «Қайтиш», 1985 йил «Қудуқ тепасидаги ой» қиссалари яратилди. 1988 йил адибнинг «Азал ва абад», 1990 йил эса «Тоҳир ва Зуҳранинг кулмаган бахти» қиссалари «Ёшлик» журналида эълон қилинди.

Ғаффор Ҳотамовнинг ҳикоя, қисса ва бадиалари кейинги йилларда «Кунтуғмишнинг кулмаган бахти», «Биринчи муҳаббат қиссаси», «Кеча ва бугуннинг сабоқлари» номи остида китоб ҳолида нашр этилган.

1997 йил адибнинг «Янги ой чиққан кеча» романи «Ёшлик» журналида эълон қилинди. Айни пайтда у қатор публицистик бадиалар муаллифидир.

Ғаффор Ҳотамов «Қудуқ тепасидаги ой» қиссаси ва «Эврилиш» бадиаси учун Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи мукофотига сазовор бўлган. Унинг асарлари қатор хорижий тилларга ҳам таржима қилинган.

Оставьте комментарий