Убай Орифов (1905-1976)

DO`STLARGA ULASHING:

Орифов Убай Орифович (1905.15.6, Қўқон — 1976.24.12, Тошкент) — физик олим, давлат ва жамоат арбоби. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1956), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1959). Физика-математика фанлари доктори (1954), профессор (1956).

Ўзбекистон педагогика академиясини тугатган (1931). Қўқон пахтачилик институтида (1932—34), ЎзДУда (1935—41) ишлаган. Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника институти (1945-56, 1963-67), Ядро физикаси институти директори (1956-62, 1967-69), Ўзбекистон Фанлар академияси президенти (1962— 66), Ўзбекистон Фанлар академияси Электроника институти директори (1966—76) бўлиб ишлаган.

Убай Орифовнинг асосий илмий ишлари физик электроника, ядровий ва радиацион физика, гелиоэнергетика, пахта хом ашёсига дастлабки ишлов бериш масалаларига бағишланган. Убай Орифов томонидан фанда ҳали номаълум бўлган ҳодисалар: қаттиқ жисмга атом зарралари таъсир этганда рўй берувчи кўплаб мураккаб жараёнлар, иккиламчи ионлар ва электронларнинг ҳар хил гурухларини топиш ва ажратиш, қаттиқ жисмлар сиртининг хоссаларини ўзгартириш усуллари аниқланган ва шу асосда электрон техника, микроэлектроника ва машинасозлик материалларига ишлов бериш усуллари яратилган. У пахтачилик ва пахта саноатининг тараққиётига ҳамда халқ хўжалигида қуёш энергиясидан фойдаланиш муаммоларига катта эътибор берди.

Убай Орифов раҳбарлигидаги тадқиқотлар натижасида уруғлик ва техник чигитни тўла туксизлантириш, уларни саралаш ва тозалаш муаммолари ҳал этилди, қуёш энергиясини электр энергиясига айлантириш ва гелиотехник қурилмалар яратиш бўйича ишлар амалга оширидди.

Убай Орифов ташаббуси билан 1965 йилдан бошлаб Тошкентда «Гелиотехника» халқаро журнали нашр этила бошланди.

Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1968). Ўзбекистон Фанлар академияси Электроника институтига ва Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги кўчалардан бирига унинг номи берилган.

Оставьте комментарий

ArabicChinese (Traditional)EnglishFrenchGermanHindiKazakhKyrgyzRussianSpanishTajikTurkishUkrainianUzbek