Жуманиёз Жабборов (1930-2010)

DO`STLARGA ULASHING:

Жуманиёз Жабборов (1930.25.10, Косон тумани – 2010.13.12, Тошкент) — Ўзбекистон халқ шоири (1997). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1980).

ТошДУ филология факултетини тугатган (1952). «Шарқ юлдузи» журналида бўлим мудири, масъул котиб (1953—62), «Гулхан» журнали бош муҳаррири (1962—64), Республика газетаси («Совет Ўзбекистони»)да бўлим мудири (1964—67), бош муҳаррир ўринбосари (1967—76), маъмурий ташкилотда шўъба мудири (1976—81), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида директор (1981—85), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таржима кенгашининг маслаҳатчиси (1985—90), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасида Ўзбекистон Давлат мукофотлари қўмитасида масъул котиб (1990 йилдан) бўлиб ишлаган.

«Баҳор нафаси» (1956), «Мақсад йўлида» (1958), «Субҳидам хаёллари» (1964), «Саҳро санами» (1967), «Лирика» (1970), «Илҳом дақиқалари» (1971), «Достонлар» (1974), «Эътиқод» (1978), «Хаёлимда ўзинг» (1985), «Кўнглим гўзали» (1991) ва бошқа тўпламларига кирган шеър ва достонларида юртга муҳаббат, инсон қалби ва маънавий оламини теранроқ акс эттиришга интилиш, ҳаёт севарлик ғоялари бадий ифодаланган.

«Ажаб дунё — севги дунёси» (1996) тўпламидан 100 дан ортиқ ғазаллар ўрин олган. Унинг шеърлари фалсафийлиги, воқеликка фаол муносабат билан ажралиб турса, ғазаллари образларнинг тиниқлиги, ўйноқилиги билан ўзига хосдир. «Гулжаҳон ва Ҳасанжон» (1967), «Саҳро гуллари» (1976), «Тоғдаги учрашув» (1986) тўпламлари болаларга бағишланган.

Жуманиёз Жабборовнинг «Гулшан» (1957) достонида муҳаббат ва садоқат мавзуи асосий ўрин тутади. «Тоғлар садоси» (1961) ва «Йўлдаги ўйлар» (1968) достонлари яхшилик б-н ёмонлик ўртасидаги азалий кураш, адабиёт ва санъатнинг инсон ҳаётида тутган ўрни ҳақида. «Она-ер қўшиғи» (1962), «20 кун дафтари» (1967), «Соҳиллар ҳикояси» (1974) каби насрий асарлари нашр этилган. «Таллимаржон достони» (1976), «Қуёш юрти» (1981) шеърий асарлари мазмунан ўзаро боғлиқ бўлиб, Қарши чўли манзаралари, она юртга муҳаббат туйғулари улуғланган. «Ўжарлар» (1973), «Йиллар ўтиб…» (1977), «Тўйдан олдин томоша» (1979), «Менинг оппоқ кабутарларим» (1991), «Нексия» (2007) драматик асарларида инсон эрки, бахти, оилавий турмуш муаммолари ёритилган.

Жуманиёз Жабборов Р. Тагорнинг «Қурбонлик» драмасини, Ҳофиз Шерозий, Убайд Зоконий, Байрон, Ю. Лермонтов, А. Блок ва бошқаларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Драматик асарлари асосан Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрида ва вилоят театрларида, шунингдек, тожик, қирғиз, қозоқ театрларида ҳам саҳналаштирилган. Алишер Навоий номидаги Катта академик театрда саҳналаштирилган.

Оставьте комментарий