Ғани Абдураҳмонов (1925-2016)

DO`STLARGA ULASHING:

Ўзбек тилшунослиги соҳасидаги йирик олим Ғани Абдураҳмонов 1925 йилда Фарғона шаҳрида туғилган. 1946 йили Фарғона давлат педагогика институтини тугатганидан сўнг шу даргоҳда илмий-педагогик фаолиятини бошлаган. 1950 йилда номзодлик, 1962 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1968 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.

Илмий-педагогик ва раҳбарлик фаолиятини биргаликда олиб борган истеъдодли олим ўзининг 60 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида Фарғона давлат педагогика институти кафедра мудири ва проректори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти сектор мудири, Фарғона давлат педагогика институти ректори, Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири, Тошкент давлат чет тиллари институти, Тошкент давлат педагогика институти ректори, Тил ва адабиёт институти бош илмий ходими, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилган.

Юртимизда тилшунослик фани соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш ишига муносиб ҳисса қўшган Ғ.Абдураҳмоновнинг ўзбек адабий тилининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган кўплаб монография, рисола ва мақолалари, унинг раҳбарлиги остида тайёрланган луғатлар кенг жамоатчиликка яхши маълум. Олимнинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.

Ғани Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби фахрий унвони, «Шуҳрат» медали билан мукофотланган.

Оставьте комментарий

ArabicChinese (Traditional)EnglishFrenchGermanHindiKazakhKyrgyzRussianSpanishTajikTurkishUkrainianUzbek