Ойдин Ҳожиева (1942)

DO`STLARGA ULASHING:

Ойдин Ҳожиева [1942.22.4, Бухоро (ҳозирги Навоий) вилояти Қизилтепа тумани Бўстон қишлоғи] — Ўзбекистон халқ шоири (1992). ТошДУнинг филология факултетини тугатган (1965). «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим (1965), бўлим бошлиғи (1971—76), «Саодат» журналида бўлим мудири (1976-85), «Гулхан» журнали бош муҳаррири (1985—94), «Миллий ва ижтимоий барқарорлик» жамғармаси раиси (1993—95), «Саодат» журнали ва унинг иловаси «Гулчеҳралар» газетасида бош муҳаррир (1994 йилдан) бўлиб ишлаган.

Илк китоби — «Шабнам» (1970). «Манзиллар» (1971), «Мен севган қўшиқ» (1972), «Орзу гули» (1974), «Тароват» (1976), «Достонлар» (1980), «Хушхабар» (1983), «Мушфиқ онажон» (1983), «Чашмаларни излайман» (1986), «Тамал тоши» (1988), «Ишонч юлдузлари» (1989), «Кўзимнинг оқу қораси» (1996), «Паноҳим» (1998) каби шеърий тўпламлар муаллифи.

Ижодида инсон қалби кечинмалари халқона оҳангларда ўзига хос талқинини топган («Наво», 1977). Ватанга муҳаббат, маънавий поклик, тил билан дил ростлиги, ҳаётнинг абадий ва унутилмас орзу-армонлари, инсон матонати, халқнинг беқиёс гўзал, олижаноб қалбини куйлаш, одамларга мунис, меҳрибон дардкаш бўлмоқ истаги Ойдин Ҳожиева ижодининг бош мавзуси ҳисобланади.

Ойдин Ҳожиева 90-йилларда ҳам ватанпарварлик мавзуида туркум шеър ва достонлар ёзди («Дард», «Озод сўз ёлқинлари», «Зиёрат» ва б.). Бадиий ижодни ижтимоий фаолият билан қўшиб олиб борган шоиранинг «Руҳимизга ёнғин тушмасин», «Мени изтиробга солар бу ўйлар», «Миллатнинг қайғуси нима?» каби публицистик асарларида тил масалалари, ўзбек хотин-қизларининг оғир дала меҳнати муаммолари акс этди.

У таржимон сифатида Шандор Петефи, А.Мцкевич, Ованес Туманян, Файз Аҳмад Файз, Эди Огнецвет, Римма Казакова, Фариза Унгарсинова, Ойжамол Омарова, Гулрухсор, Ибройим Юсупов, Марямхон Абулқосимова, ва бошқа кўплаб жаҳон ва қардошлар адабиёти вакилларининг достон, баллада ва туркум шеърларини ўзбекчага ўгирган. Шеърлари рус, украин, қозоқ, қирғиз, тожик, белорус, француз, инглиз ва урду тилларида нашр этилган.

У Ёшлар Иттифоқи мукофоти совриндори (1975). Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан такдирланган (1999).

Оставьте комментарий

ArabicChinese (Traditional)EnglishFrenchGermanHindiKazakhKyrgyzRussianSpanishTajikTurkishUkrainianUzbek