Ота Жалолиддин Назиров (1845-1928)

DO`STLARGA ULASHING:

Ўзбек мусиқа маданиятининг атоқли арбоби, Шашмақом ижросининг билимдони, Ота Жалол Носиров мақомдон устоз сифатида санъаткорлар ва шинавандалар орасида ўз даврида машҳур бўлиб ҳозиргача, унинг муборак номи эъзозланади. Бухорода биринчи мусиқа мактабининг очилиши, Самарқандда мусиқа билим юртининг ташкил топиши, шашмақомнинг ёзиб олиниши ва сақлаб қолиниши унинг номи билан боғлиқдир. Уста Шоди, Домла Ҳалим, Левича ҳофиз, Бобоқул Файзуллаев, Ҳожи Абдулазиз, каби мақом хонандалари Ота Жалол Носировдан таълим олишган.

Ота Жалол Носиров 1845 йили Бухоро шаҳрининг Эшон пир маҳалласида таваллуд топган. Унинг оиласи мусиқага мойил бўлиб, акаси Мулла Хайрулло маҳоратли мақом ижрочиси, унинг ўғли Каромат эса, уста камончилардан эди. Ана шу муҳит уни мусиқа билан шуғулланишига шароит яратиб беради. У саккиз ёшидан мусиқа билан шуғулланади ва ўша даврнинг Тиллабой, Мирзо Ҳидоят, Абдураҳмонбек, Мир бобо сингари машҳур хонанда ва созандаларидан сабоқ олади. Натижада 20 ёшидаёқ шашмақомни тўлиқ ўзлаштириб олди. Унинг давруғини эшитган Амир Музаффархон саройга таклиф этиб сарой ҳофизи этиб тайинлайди. Амир Олимхон даврида эса «Мирохўр» унвони берилади.

1920 йилда Бухорода «Шарқ мусиқа мактаби» очилиб, бир қанча ҳофиз ва созандалар жалб қилинади ва Ота Жалол Носиров ўзи бош бўлиб шашмақомни ўргата бошлайди. 1923 йили В.А. Успенский Ота Жалол Носиров ва Ота Ғиёс Абдуғаниевлардан шашмақомнинг барча туркумларини ёзиб олади. Шашмақомнинг ўша даврда нотага олиниши ва 1924 йилда нашр қилиниши катта воқеа сифатида баҳоланади. Ва кейинги ноталаштириш жараёнларига йўл очиб беради.

Ота Жалол Носиров фақат хонанда ва созанда, балки бастакор сифатида ҳам ижод қилганлиги манбаларда кўрсатилади. Устоз Шашмақомнинг мушкилот қисмларини тартибга солган айрим шўъбаларини кенгайтирган ва қўшимча қисмлар басталаган. Сегоҳ мақоми ижросига савт усули билан бир неча қисмли шўъба басталаган. Ушбу шўъба ижроси «Савти жалолий» деб номланади.

1925 йилда Ота Жалол Носиров Самарқандга таклиф этилади. Бу ерда ёшларга мақом ижроларини ва йўлларини ўргатади, концертларда иштирок этади. Хожи Абдулазиз, Юнус Ражабий, Мулла Тўйчи Тошмухаммедов, Шорахим Шоумаровлар билан ижодий мулоқотда бўлди. Ва улар устоздан шашма­қом йўлларини ўрганадилар ва маслаҳатлар олиб турадилар. Ота Жалол Носиров ижрочилик услубидан баҳраманд бўлган ўнлаб шогирдлар кейинчалик мақом ижрочилиги санъатини ривожига катта ҳисса қўшдилар.

Ота Жалол Носиров мусиқа маданиятимиз тарихидан шаш­мақом билимдони ва тарғиботчиси, машҳур ҳофиз, ва созанда кўплаб мақом ижрочиларининг устози сифатида ўзидан ўчмас ном қолдирган улуғ санъаткордир.

Султонали Маннопов

Оставьте комментарий

ArabicChinese (Traditional)EnglishFrenchGermanHindiKazakhKyrgyzRussianSpanishTajikTurkishUkrainianUzbek